banner

МАДИНА МУСҲАФИНИНГ ҲАТТОТИ БИЛАН УЧРАШУВ

Туркистон саййидлари ва эшонлари халқаро ташкилоти раиси, шайх доктор Сардорхон Жаҳонгир ‎Умра зиёрати асносида Мадинаи Мунавварада Мадина босмаси ҳаттоти, машҳур олим шайх ‎Усмон Тоҳо ҳазратлари билан учрашди.‎

Учрашув муборак Умра сафарининг маънавий лаҳзалари чоғида бўлиб ўтди ва атрофлича, ‎мазмунли суҳбат тарзида кечди. Мулоқот давомида Қуръони карим ҳаттотлиги, Мадина мусҳафини ‎ёзишдаги масъулият, илмий анъанага садоқат ҳамда руҳий тайёргарлик масалалари хусусида фикр ‎алмашилди.‎

Суҳбат чоғида шайх доктор Сардорхон Жаҳонгир Ўзбекистонда олиб борилаётган ‎шажарашунослик илми ва амалий фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. У юртимизда тарихий-илмий ‎меросни асраш, шажара тадқиқотларини тизимли йўлга қўйиш ҳамда ушбу соҳада амалга ‎оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.‎

Шайх Усмон Тоҳо ҳазратлари ушбу маълумотларни катта қизиқиш ва эътибор билан тинглаб, ‎Ўзбекистонда диний-илмий меросга бўлган эътиборни юксак баҳоладилар. У зот ўзбек халқи учун ‎хайрли дуолар қилиб, илм ва маънавият йўлидаги саъй-ҳаракатларга барака тиладилар.‎

Суҳбат якунида шайх Усмон Тоҳо ҳазратлари Сардорхон Жаҳонгирга бир ‎нусха Қуръони Каримни совға қилдилар ва ушбу мусҳафга дастхат ёзиб бердилар. Бу ҳадя ‎учрашувнинг юксак маънавий қадриятини ифодаловчи, эсдалик аҳамиятига эга воқеа бўлди.‎

Учрашув самимий ва маънавий руҳда якунланиб, Қуръон илмлари ҳамда тарихий-илмий ‎мерос йўлидаги ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ‎мулоқот сифатида эътироф этилди.‎

Hurmat bilan,

“Turkiston Sayyidlari va Eshonlari” xalqaro tashkiloti ilmiy jamoasi.

Yangiliklar

МАДИНА МУСҲАФИНИНГ ҲАТТОТИ БИЛАН УЧРАШУВ | Shajara