Содиқ сафдош: шайх Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхон ҳазратлари хотирланди

Устозларни, илм аҳли ва уламоларни хотирлаш, уларнинг ҳаёт йўлларини ёдга олиш энг гўзал намуналардан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганларидек, «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир». Улар қолдирган илм ва маърифат мероси қалбларни ва жамиятни ислоҳ қилишда маёқ вазифасини ўтайди. Шу сабабли, динимиз ривожи ва миллатимиз равнақи йўлида заҳмат чеккан улуғ зотларни, аҳли илмларни эъзозлаш, улар ўтиб кетганларидан кейин ҳам хотираларини ёд этиб, ҳақларига дуолар қилиш, ёш авлодга уларни танитиш барчамиз учун ибрат ва маънавий масъулиятдир. Ана шундай улуғ устозлардан бирининг хотирасига бағишланган маросим юртимиздаги пешқадам устозларни, дин аҳлларини бир жойга жамлади.

2026 йил 16 май куни «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг яқин сафдоши, содиқлик сифатига эга бўлган шахс, марҳум устоз Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхон Саййид Бурҳониддинхон ўғлининг хотирасига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Хотира мажлисида юртимизнинг таниқли уламолари, муҳтарам устозлар, Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхоннинг яқин дўстлари, муҳиблари, шогирдлари ҳамда фарзандлари иштирок этдилар. Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланиб, Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхоннинг руҳларига ва барча ўтганлар ҳаққига бағишлаб, хайрли дуолар қилинди.

Хотира тадбирини устоз Исмоил домла Муҳаммад Содиқ очиб бериб, иштирокчиларга ташаккур изҳор қилдилар. У киши Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхон Саййид Бурҳониддинхон ўғлининг халқимизга қилган хизматларини ёш авлодга танитишни таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бир қаторда Исмоилжон домла дин ва миллат фидоийси бўлган марҳум устоз шайх Зоҳиджон домла Қодировни ҳам эсга олиб, халқимизга қилган хизматларини келажак авлодга етказиш муҳимлигини, устозларни йўқлаб туриш, ҳаётдан ўтганларини хотирлаш эзгу амаллардан эканини айтдилар.
Хотира тадбирининг кириш дебочаси сифатида шайх Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхон роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Умрини илм-маърифат, яхшилик тарқатишга бахшида этган устоз, Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхон Саййид Бурҳониддинхон ўғли 1945 йилда Самарқанд вилоятининг Пойариқ туманида аждоди ҳазрати Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳуга бориб боғланадиган табаррук оилада таваллуд топди. Дастлабки таълимни отасининг қўлида олгач, ўрта мактабни тамомлаб, Бухородаги Мир Араб мадрасасида (1969-76), сўнг Тошкент Ислом маъҳадида таҳсил олади (1976-80). Талабалик йилларида Ўрта Чирчиқ туманидаги Тўйтепа жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди (1977 й.).
Сирожиддинхон домла 1980-85-йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида турли вазифаларда, шунингдек, Тошкентдаги «Тилла Шайх» масжидида мутавалли бўлиб ишлайди. 1987 йилдан диний назорат нашриётида муҳаррирлик қилади, Олмазор туманидаги «Тўхтабой» масжидида мутавалли вазифасида хизмат қилади (1998 й.). 1996-99-йилларда Чорсу даҳасидаги «Шоҳ Азиз авлиё» масжидида имом-хатиблик қилади.
Сирожиддинхон домла ёш авлодга таълим-тарбия беришда ҳам фаоллик кўрсатган. У 1992-93-йилларда Тошкентдаги Абулқосим мадрасасида, 2000-2008-йилларда Кўкалдош мадрасасида араб тили ва тафсир фанларидан дарс берган. Сирожиддинхон домла республика радиосида «Сарвари олам» (1992-93), «Поклик иймондандир» (1993-94), «Дил шифоси» (1998-2005) рукни остида тайёрланган турли диний-маърифий эшиттиришлар муаллифидир.
Сирожиддинхон домла Саййид Бурҳониддинхон ўғли 2009 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилганлар.
Хулоса қилиб айтганда, Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхон миллат ва маърифат фидоийси бўлиб, ўзларидан хайрли ишлар, олим шогирдлар, солиҳ фарзандлар қолдириб, ибратли умрни яшаб ўтдилар.
Файзли тадбирга юртимизнинг пешқадам уламолари, аҳли илмлар, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан ҳамнафас бўлган устозлар, жумладан, тадбирнинг азиз меҳмони, шайх ҳазратларининг сафдоши, Тожикистоннинг собиқ муфтийси ва диний арбоби, устоз, шайх Ҳожи Акбаржон Тўражонзода ҳамда устоз Маъруфжон домла ташриф буюридилар.

Хотира тадбири давомида сўзга чиққан устозлар, жумладан, Абдулҳаким қори Матқулов, тожикистонлик улуғ устоз, Маъруфжон домла, шайх Ҳожи Акбаржон Тўражонзода, Муҳаммад Карим домла Ибаев Абдужалил ўғли, Зоҳидхон қори дада, устоз Абдулҳамид домла Турсунов, Акмалхон Шокиров Юсуфхон ўғли, Муҳаммад Нофеъ домла Миркомилов, Зоҳиджон домла Исмоилов Сиддиқович, Муҳаммад Айюб домла Косоний, Анвар Аҳмад домла, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети профессори Хамракул Санакулов Ризакулович, Тоҳир домла Рўзиев Бобоназарович, Мулла Исроилжон Дўстмуҳаммад ўғли, Жалолиддин домла Ҳамроқулов ва бошқа нотиқлар Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхоннинг ҳаёт йўллари, илмий мерослари ва юртимизда ислом маърифатини ёйиш йўлидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф қилиб, хотирладилар.

Хусусан, у зотнинг илмга, зикрга бўлган муҳаббатлари, азимат ва олий ҳимматликлари, шогирдлар тарбиясидаги заҳматлари, фидокорликлари, инсоний фазилатлари ва ибратли одоблари ёдга олинди.
Тадбир сўнггида Қуръони Карим тиловат қилиниб, Сирожиддин домла Жаҳонгирхоннинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди. Тиловатни устоз Жалолиддин домла ўқидилар, дуони шайх Ҳожи Акбаржон Тўражонзода ҳазратлари қилиб бердилар.

Тадбирни Қамариддин Бекмуҳаммад олиб борди, мажлис сўнгида барча азизларимиз учун эхсон дастурхони безатилди.
Азизлар, бундай хотира мажлислари аждодлар меросини асраш ва улуғ устозларимизнинг ибратли ҳаётларини келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Устоз, Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхон роҳимаҳуллоҳ фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сафдоши, содиқ дўсти, узоқ йиллар дин хизматида бирга қоим бўлган қадрдонлари эдилар.
Аллоҳ таоло Сирожиддинхон домла Жаҳонгирхоннинг динимизнинг ривожи, Ватанимизнинг равнақи йўлида қилган хизматларини ҳусни қабул қилсин, барча солиҳ амалларини садақаи жория ўлароқ мақбул айласин, барча саҳву хатоларини кечирсин, жаннати Фирдавсдан жой ато қилсин, Ўзининг шомил мағфиратига, бениҳоя раҳматига олсин.

Hurmat bilan,
“Turkiston Sayyidlari va Eshonlari” xalqaro tashkiloti ilmiy jamoasi.










