banner

ШАЙХ АБДУЛАЗИЗ ҲАСАНХЎЖА ЎҒЛИ МАЖЗУБ НАМАНГОНИЙ

Ушбу мақола Наманган шаҳрида туғилиб ижод қилган, Нақшбандия тариқатининг пири комили, олим ва мутасаввиф шоир сифатида танилган шайх Абдулазиз Мажзуб Намангоний ибн Ҳасанхўжа асғар ибн Абдураҳмон халифа ҳаёти, илмий фаолияти, силсиласи ҳамда авлодлари шажарасига бағишланган.

Қадим Мовароуннаҳр диёри ҳақиқатда ҳам фахрларишга арзигулки кўплаб забардаст уламоларни етиштириб чиқар. Бу муборак зотларнинг қолдирган бой адабий – илмий мерослари ва қадриятлари биз авлодлар учун бебаҳо хазинага айланди.

Ўз навбатида, бу маданий мерослар келажагимиз бўлган баркамол ёш авлодни Ватанга, халққа, қадриятимизга муҳаббат руҳида тарбиялашда ғоят муҳимдир. Адабиётимиз тарихига назар солсак, тасаввуф маслаги билан боғлик ижодкорлар кўп. Бироқ ҳам шоир, ҳам тариқат пешвоси сифатида машҳур бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган.

Абдулазиз Мажзуб Намангоний адабий – илмий мероси шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳаёти

Абдулазиз Мажзуб Намангоний ибн Ҳасанхўжа асғар ибн Абдураҳмон халифа нақшбандия тариқатининг пири комили, атоқли мутасаввиф шоир, олим ва мударрис сифатида танилди. Мажзуб ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, таваллуд санаси маълум эмас. Тахминан 18-чи асрнинг иккинчи ярмида туғилган.

Баъзи маълумотларга кўра, туғилган жойини Қўқон, айримларида Қарши, бошка маълумотларда эса Наманган шаҳрининг Дегрезлик (хозирги – Сумалак гузари) даҳасида дунёга келган, деб баён қилинади.

Бу улуғ зотнинг насаб шажаралари Саййид Муҳаммад Яҳё Хожа ибн Саййид Ҳидоятуллоҳ Офоқ Хожа ибн Саййид Муҳаммад Юсуф Хожа ибн Саййид Муҳаммад Амин Хожа Эшони Калон ибн Ҳазрати Саййид Аҳмад Маҳдуми Аъзам Косоний Даҳбедий қуддусаллоҳу сирруҳу орқали Жаноби Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб туташади.

Бу зотнинг ота томондан боболари Абдураҳмон халифа бўлиб, улар 18 - асрларда яшаган Нашқбандия–мужаддидия сулукининг йирик вакили Мусохонхожа Даҳбедий қуддусаллоҳу сирруҳунинг муридларидан бўлишган.

Пири муршид ва устозлари

Абдулазиз дастлабки билимни отаси Ҳасанхўжа кичикдан олади. Сўнгра Мавлавий Намангоний номи билан машҳур Мулла Хўжа Намангоний ва Зокирхўжа эшон (Шайх ул-ислом Намангоний)ларда таҳсилни давом эттиради.

Кейинчалик, Эшон Мажзуб маълум муддат Бухоро ва Самарқанд, ҳамда Қарши ва Қўқон шаҳарларида сафарда бўлиб, у ернинг олиму фузалолари бўлмиш Халифа Муҳаммад Амин, Халифа Мир, Халифа Мирзо Бобобек, Халифа Эшмуҳаммад ва Халифа Эшони Қарший, ҳамда Халифа Ҳусайн Бухорийлардан шариат кўрсатмалари ҳамда тариқат одобларини ўрганиб, илму ирфонда камолга етади.

Маълум бўлишича, Халифа Ҳусайн даргоҳидан бир вақтнинг ўзида уч кишига иршоднома (яъни, йуриқнома, диплом, йўлланма) битиб берилган бўлиб, улар: Хўжа Дониёр Эшон, Мажзуб Намангоний ҳамда Халифа Абдусаттор Бухорийлардир.

Бироқ, буларнинг ичида фақатгина Абдулазизга 4 сулукка яъни, нақшбандия, қодирия, ишқия, мавлавия тариқатларидан таълим бериб, мурид тарбиялаш ҳуқуқи берилган. Маълум вақт ўтиб, Эшон Мажзуб Наманганга қайтиб келади. Орадан кўп вақт ўтмай, она юрти Наманганда унинг ихлосмандлари кўпайиб, пири комил бўлиб танилди.

Муридлик мақомлари

Мажзуб Намангоний худди Машраб каби оташқалб, оташнафс ва қайноқ жазбали шоир бўлган.

У «Мажзуб» тахаллуси билан шеърлар ва байтлар ёзди. Ушбу тахаллусни унга устози Халифа Ҳусайн қўйган экан. Мажзуб – жазбали, ҳайратланган, жазавали, девона маъноларига эга.

Тасаввуфда бу атама «Аллоҳдан жазба – илоҳий муҳаббат берилган ёки қалбига Аллоҳ муҳаббати солинган», деган маъноларни англатади.

«Демак, мажзуб – жазава соҳиби, Аллоҳнинг зоти ва сифатини бутун вужуди билан севувчи, дунёда доимо ишқли ва дардли инсонларни изловчи, уни топса бор-йуғини нисор этувчи, Аллоҳ севмаган нарсаларни бутун онг-шуури билан ёмон кўрувчи ориф инсондир.

Ривоят қилишларича, ёз кунларнинг бирида халифа Ҳусайн муридлари билан дала йулидан хуфя зикр ила машғул бўлиб кетаётган эканлар. Баногоҳ, бир ариқчага дуч келибдилар. Ариқчадан ҳатлаб ўтишаётганда Абдулазиз «ҳув» деб юборибди. Устози халифа Хусайн: «Халқумни бўшатинг, Абдулазиз!» деб хитоб килибдилар. Абдулазиз жаҳрий «ҳув Аллоҳ, ҳув Аллоҳ» деб зикрини давом этибди.

Шу кундан бошлаб Абдулазиз зикри хуфёнадан, зикри жаҳрияга ўтибди. Бошқа муридлари пири муршиддан «Нега Абдулазизга жаҳрияга ижозат бердингиз?» – деб сўрашибди.

Устоз: “Агар жаҳрияга рухсат бермаганимда унинг дили куйиб, ҳалок бўларди”, деб жавоб берган экан. Бу усулни кейинчалик Абдулазизнинг ўзи ҳам муридларига қўллаган. Аввало пир ҳар бир муридга хуфя зикр айтишни буюради. Аммо мурид бунга сабр эта олмаса, ошкора зикрга ижозат беради.

Мурид ва халифалари

Эшон Мажзуб Нақшбандия тариқатининг қутбуз-замони, пири муршиди, шайхулисломи бўлганликлари сабаб, у кишининг муридлари ва мухлислари ҳамда халифалари уч хонлик худудларида жуда кўпчилик бўлган.

Улардан: Абул Қосим Махзум (Мажзубнинг ўғли).

Абдулкарим Махмур Қоразий (1820 – 1876).

Хўжа Саййид Аҳмад (1800 –1890).

Муҳаммад Ҳакимхон Махзум (1815-1896).

Абул Қосим Махзум (Ҳаким халифанинг укаси).

Халифа ҳожи Муҳаммад Эшон (1836 –1922).

Халифа Мулла Йўлдош (Сиримтой).

Мулла Холмуҳаммад Чустий.

Халифа Бекмурод.

Абдулазиз Мажзубнинг муридларидан бири Махмур (Абдулкарим Қоразий) тахаллусли шоир «Дар баёни маноқиби Эшон Мажзуб» сарлавҳали мураббаъ кўринишида марсия битган.

Унда Мажзубнинг инсоний хислатлари, авлиё ва пиру муршидлиги, Аллоҳ йулида борини берувчи, орифи биллоҳ инсонлигини ва Мажзубнинг вафоти олдидан зикр чоғидаги охирги сўзи «ҳув Аллоҳ» бўлганини эҳтирос билан келтиради.

Қуйида мазкур мураббаъни энг муҳим жиҳатларини келтириб ўтамиз.

Маъно дуррининг кони – Мажзуби Намангоний,

Ошиқ элининг жони – Мажзуби Намангоний.

Олам элига сарвар ҳам муршид, ҳам раҳбар.

Бешак, валий эдилар Мажзуби Намангоний.

Тариқат сўзин очган, маърифат донин сочган,

Ҳақиқат майин ичган Мажзуби Намангоний.

Суратда: Иршоднома

Тариқати Нақшбандийя Мажзубийя Олтин силсиласи

Иршоднома

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Алҳамдулиллааҳи Роббил оламийн, вал ъақибату лилмуттақийн,

Ассалоту вас салому ъала Муҳаммадин ва алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд.

Ҳидоят қилувчига ҳидоят қилинувчилардан. Бизлар Сени доимо мақтаймиз. Сен бизнинг Эгамизсан. Ҳамма нарсанинг Эгаси, Яратганнинг яқин дўсти ва яқин кишиси бўлмиш Ҳабибига мақтовларимиз.

Унинг авлодларига, яхши кишилар олдида Унинг ёрдами, Унинг раҳматига сазовор бўлиши учун тилимиз мақтовдадир.

Ушбу қўлдан қўлга ўтиб келгувчи хат, иршод, улуғ уламолар яшаган пайтни кўрсатгувчи саналари, улар юрган йўллари мақтовлар билан тўладир. Ўша улуғ шайхларга бизларнинг мақтовларимиз бўлсинки, улар жорий тариқатга тааллуқлидирлар. Буларнинг йўли шарофатли табақадан бўлмиш Хожагон олий жанобни хуфия мақтовга лойиқ йўлидир. Аллоҳ ул зотни сирини муқаддас қилсин. Ул зот шундай ноёб манбадан нур олганларини, унинг сири, ҳикмати ҳазрати пайғамбарларнинг саййиди, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва ул зот авлодларига мусулмонларни энг афзал саловотлари бўлсин.

  1. Ибодат қилгувчиларнинг, саҳобаларнинг аввали, ҳаммага маълум ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан келгуси зотларга нури илм ўта бошланди. Кейингиларга нури раҳмат ул зотдан етиб келди;

  2. Ул зотдан сўнг Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга;

  3. Ул зотдан Қосим ибн Абу Муҳаммад Сиддиққа;

  4. Ул зотдан Имоми Жаъфар Содиқ ва Имоми Нотиқларга;

  5. Ул зотлардан сўнг Абу Язид Бастомийга (Аллоҳ сирини муқаддас қилсин). Ул зотдан сомеълик (тинглаш)ни ўргандилар;

  6. Ул зотдан Абул Ҳасан ал Ҳаррақонийга етиб келди;

  7. Сўнг Абулқосим Гуржонийга етиб келди;

  8. Ул зотдан Хожа Али Формадийга. Ул зот тариқатни олиб, ўз атрофига жамоалар тўплашга киришдилар;

  9. Халифалик ва муридлик йўлларини ул зот Ҳожа Абу Юсуф Ҳамадонийга; 10. Ул зотдан Хожайи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувонийга етиб келди;

  10. Ул хазратдан хожа Ориф Ревгарий Маъруфи Моҳитабонга;

  11. Сўнг Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга;

  12. Ул зотдан Хожа Али Ромитаний Азизонга поклигича етиб келди;

  13. Ул зотдан Ҳожа Муҳаммад Бобойи Самосийга;

  14. Сўнг Саййид Амир Кулолга етиб келди;

  15. Ул зотдан Ҳожа Баҳоул ҳақ вад-дин Нақшбанд ал-Бухорийга (Аллоҳ сирини муқаддас қилсин) етиб келди. Ул зот эркинлик ва олий мақомни мерос қилиб олди;

  16. Ул зотдан Мавлоно Ёқуб Чархийга;

  17. Ул зотдан Ҳожа Убайдуллоҳ Аҳрори валий сирларни кашф қилгувчига етиб келди;

  18. Сўнг Мавлоно Муҳаммад Зоҳидга;

  19. Ул зотдан Мавлоно Муҳаммад Дарвешга ҳам нисбат бердилар;

  20. Ул зотдан Ҳожаимканагийга;

  21. Сўнг Ҳожа Муҳаммад Боқий биллоҳ олдилар;

  22. Ул зотдан Мужаддиди Алфи Соний Имоми Раббонийга ҳам нисбат бердилар (Аллоҳ сирини муқаддас қилсин);

  23. Ул зотдан қимматли фарзанди Муҳаммад Саййидга етиб келди;

  24. Сўнг Ҳожа Абдул Аҳад Махдумга етиб келди. Ул зот ўша улуғ зотларга она тарафидан яқинлашади. Амакиси ҳамма учун ягона таянч, ўз авлодига меҳрибони, ёри Муҳаммад Маъсумдан рухсат олганлар;

  25. Ул зотдан улуғ руҳ ва нури ҳазрат Ҳожа Миёни Обидга етиб келди;

  26. Ул зотдан ҳазрат Мусохон Даҳбедийга етиб келди. (Аллоҳ раҳмат қилсин); 28. Ул зотдан ҳазрат халифа Муҳаммад Сиддиққа ва халифа Муҳаммад Эминга ҳам нисбат бердилар;

  27. Халифа Муҳаммад Сиддиқдан ҳазрати Халифа Муҳаммад Ҳусайн Бухорийга етиб келди;

  28. Ул зотдан халифа Абдулазиз Мажзуб Намангоний алайҳи роҳмага етиб келди. Одамлар орасида ўзини эркин тутадигон киши охири мақсадига эришади ва мақтовларга сазовор бўлади;

  29. Ул зотдан халифа Абдулазиз Мажзуб Намангоний, аввало, ҳазрати халифа Муҳаммад Эмин суҳбатига сазовор бўладилар, нурга етишадилар, ул зотдан ажралмайдилар.

Ул зот вафотларидан сўнг икки халифа: Мирзо Бобобек ва халифа Эш Муҳаммадлар хизматига бел боғладилар. Улардан рухсатларини олиб, халифа Ҳусайн Бухорий хизматига келадилар. Бу боғланиш билан рухсатга нисбат берилиб, рухсатларини топиб, яна бошидаги ҳазратга, ҳам чунончи, шайхул Ислом Зокир Хўжа эшон ва Ҳазрат Мавлавий Намангоний ва ўша зотлар халифаларидан ҳазрат Офоқ ҳожамнинг халифаларини ҳам рухсатини топадилар. Ва хазрати халифайи эшонга мурид бўлган халифа Абдулазиз ул зотнинг завқини Аллоҳ зиёда қилсин, шавқ ва муҳаббатларини фуқароларга кўпроқ қилсин, Худо инояти халифа Холмуҳаммад Чустийнинг тўрт сулукига рухсат бердилар.

Аввало, Мулло Саййид Аҳмад эшонга, иккинчи ўзининг қадрли фарзанди мулло Абул Қосим Махдумга, учинчи мулло Холмуҳаммад эшонга арз қилишга нисбатини берди.

Буюрдилар, унгача етиб келди улардан, ҳар уччовини улуғлардан Мулло Ҳожа Муҳаммад Бузрук нисбат олиб, уларни озод қилиб ишоратли рухсатларни алоҳида иш тутишларига ижозат бердилар.

Аммо буни мулло Ҳожа Муҳаммад эшон ёшлик йиллари киритган ва уни инобатга олиб, муборак қўлларидан тутиб халифа Абдулазиз Намангоний Мажзубга олиб бориб бердилар. Ул зотнинг иноятли назарларини топиб, ул зот қабулларига эришиб, ўзининг интилиши уларга бўлган муҳаббати учун уларнинг илтифотига мушарраф бўлдилар.

  • Хазрати халифа Холмуҳаммадга нисбатли тўрт сулукка мулло Ҳожа Муҳаммад қимматли фарзанди Саййид Аҳмад эшонга нур Илоҳий етиб келди.

Уни Арз қилишларига рухсат бердилар; Бу фақир-фуқаролар ходими Абдураҳмон эшон ва иниси Муҳаммад Росулхон эшонга етиб келди; - Сўнг Ҳомидхон эшони Махдумга нури Илоҳий етиб келди.

Суратда: Иршоднома

Олтин силсила Ҳожимат эшон набираси Ҳомидхон эшон махдумга етиб келди. Ва ул зот тариқат пири бўлиб, ўзига эргашган кишиларга шариат чегарасидан чиқмасдан яшашга ва ўз сулукида тариқатга амал қилиб, нафсини тийиши ва сирни сақлай билиш, мақсадли сирни машойихлар йўли деб билиши ва улуғлар босиб ўтган тариқат остонасини тарк қилмаслик саодатга, (шариат йўлидан чиқиб кетса, келадиган) бахтсизликдан қочиб, тариқат феълини билиб, ҳақиқат аҳволидан хабардор бўлиб, маърифат сиридан огоҳ бўлиб, умр гузаронлик қилишни буюрадилар. Ул олий ҳазратга бизнинг саломимиз бўлсин. Уларга биз сўзсиз итоатда бўлурмиз. Чунончи, айтибдурларки, адашиб кетишдан Аллоҳ сақласин. Ёмонликлардан сақловчи, ҳимоя қиладиган Сен Ўзингдирсан ё Аллоҳ.

Суратда: Қутби замон Ҳожимат эшон ўғли Муҳаммад Расулхон махдум

Суратда: Ҳожимат эшон ўғли Расулхон эшон ўғли Ҳомидхон эшон.

Тўғри йўлдан юрувчининг йўлини Аллоҳ Ўзи ёритади. Аллоҳ тўғри йўлдан юрувчиларни қўллаб-қувватлаб туради. Уларнинг мартабасини баланд қилади. Ва қаттиқ тургувчилардан қилиб қўяди. Ҳамма нарса Унинг мулкидир. Бизлар бир воситачидирмиз, холос. Ушбу пиронлар силсиласи Ҳомидхон эшон маҳдум ҳазратларидан олинган.

Суратда: Атоуллоҳхон тўранинг Маккага ҳижрат қилиб кетган ўғиллари Нажмиддинхон тўра оталаридан олган Нақшбандийя-Мажзубийя сулукига оид ижоза.

Айтишларича, Ҳаким халифанинг укаси Абдулқосим махзум мужаррадлик билан умр кечирган. Ҳайвон гўшти емаган. У Мажзуб хизматидан сўнг, Балх шаҳрига бориб ҳазрати Сахий хизматида бўлган. Хонақода қирқ хоналик ҳожатхонага кесак чақиб, хизмат қилган.

Риёзат чекиб, фақру фано мақомига етган, дуоси мустажоб зот бўлган. Йигирма тўққиз йил хизмат қилиб, Қўқонга қайтиб акасининг хонақосида умр ўтказиб, қазо қилган. Лақаби ҳазрат Ҳожи. Камовқат, камуйқу, сермеҳнат, сертоат бўлган. Қабристонлар атрофида зах сувлар тўпланадиган зовурлар ковлаган, булоқлар чиқарган. Ўзига назр-ниёз келса, бева-бечора, қўни-қўшнилар, мусофирларга берган.

1870 йилдан эътиборан, то 1918 йилгача Қўқон чор Россияси қўл остида бўлса ҳам, ўз мавқеини сақлаб қолган, савдо-сотиқ ривожланган, маданий ва маиший турмуш тараққий этган шаҳар эди. Энг истеъдодли шоирлар, хушовоз ҳофизлар бу ерга жам бўлар, адабиёт, илмий-маърифий анжуманлар тез-тез ўтиб турар, Ҳаким халифанинг файзли хонадони ҳам муриду мухлис, ихлосманд ва ҳожатталаблар билан гавжум бўлар эди.

Абдулҳаким халифа хонақоҳида фақат зикр, симоъ анжуманлари бўлибгина қолмай, ҳар ойда бир марта “Хатми хожагон” ўқилган. “Хатми хожагон” руҳоний анжуман бўлиб, у Аллоҳ таолога биргаликда муножот қилиб, бирор мушкулни ечиш мақсадида амалга оширилган. Ҳаким халифа Туркистоннинг барча гўшаларидаги камолотга етган муридларига суҳбат учун ижозат хати бериб, кенг худудда қодирия ва нақшбандия сулукининг жорий бўлмоғига сабабчи бўлган.

Шарқшунос С.Ликошиннинг маълумотига кўра, биргина Тошкент шаҳрида 1900 йилгача 92 нафар тариқат муршиди бўлган. Уларнинг 54 нафари хуфя зикр этувчилар, 38 нафари жаҳрий – қодирия сулуки пирлари бўлишган.

Ҳаким халифанинг Қўқон шаҳри ва атроф қишлоқларида шоир ва ҳофиз муридлари кўп бўлган. Қўлимиздаги мавжуд учта иршодлардаги маълумотлардан ҳозирча Ҳаким халифанинг уч нафар иршод олган шогирдларининг номлари аниқланди.

Илмий – адабий мероси

Шоир Мажзуб ўзбек ва форс тилларда қалам тебратган мутасаввиф шоир бўлиб, асарлари алоҳида тўплам ҳолида чоп этилган.

Ундан бизга илмий – адабий мерос бўлиб қуйидаги асарлар колган:

1. «Тазкират ул – авлиё» ёки «Тазкираи Мажзуби Намангоний».

Ушбу илмий – тарихий асарда 18-19 - асрларда яшаб ўтган Бухоро ва Қўқон хонлари ҳамда Эроннинг шоҳ ва амирлари ҳаётида содир бўлган муҳим тарихий воқеалар қаламга олинган. Шунингдек, асарда ўша даврнинг ижтимоий ва диний ҳаётида ўзига хос ўрин тутган шайх, мударрис ва муршидлар ҳамда суфий шоирлар, авлиёлар ва фозиллар ҳакида қимматли маълумотлар берилган. Ҳозирги кунда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Мажзуб Намангонийнинг «Тазкират ул-авлиё» асарининг 4 та нусхаси сақланмоқда.

2. «Девони Мажзуб» девони.

Ушбу девон шеърий тўплам ҳолидаги китоб бўлиб, асарда Аллоҳ таолога хамдлар ва муножотлар, Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг оила аъзоларига ва асҳобларига наътлар, ҳамда азиз авлиёлар зикри, шунингдек Яссавиёна ҳикматлар, Машрабона шеър ва ғазаллар ҳамда мухаммас, маснавий ва соқийнома жанрлари етакчилик қилади. Шоирнинг ғазал ва мухаммаслари асосан инсонни Аллоҳга бўлган буюк ишқини тараннум этади.

Инсоннинг ўзлиги ва Аллоҳнинг маърифатини танишда қувонч ва ташвишларини шеър руҳига сингдиради. Аллоҳнинг қудрати бениёзлиги-ю, банданинг ожиз ва нотавонлигини доим ёдидан чиқармаслик кераклигини таъкидлайди. Ушбу девон устозларимиз Аҳмад Убайдуллоҳ (Ошиқ манам…девон) ва Ҳабибуллоҳ Акмалхон Махдум ўғли томонларидан “Муҳаббат сарчашмаси девон шарҳи” номи остида нашр этилди. Девоннинг асл 10 та нусхаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади.

3. «Ғазалиёти Мажзуб» номли тўплам.

Ушбу тўплам шоирнинг туркий ва форсий тилларда битган шеър ва ғазалларидан иборат. Бундаги шеър ва ғазаллар асосан Ҳақни таниш ва улуғлаш, инсон қалбини поклаш, юксак маънавий камолот мавзуларига бағишланган. Ушбу асар ҳам Ўзбекистон республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади.

`«Тазкираи Қаюмий» асари муаллифининг маълумотларига қараганда, шоир Мажзуб адабиёт жанри қоидасига риоя этмайди. Ғазаллари ҳамма вақт қасида ва поэма шаклидадир.

Суратда: Шайх Абдулазиз Мажзуб Намангонийга тегишли бош кийим

Шайх Абдулазиз Мажзуб Намангоний насаби ва авлодлари

Абдулазиз Мажзуб Намангонийнинг авлодлари асосан Фарғона водийсининг Наманган, Қўқон, Марғилон, Андижон шаҳарларида, Хитойнинг Уйғуристонидаги Қашғар ва Ўрумчи шаҳарларида, Тожикистоннинг Хўжанд, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида, Саудия Арабистонининг Макка шаҳарида, Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилишади. “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” халқаро ташкилотининг насабшунос ва манбашунос олимлари Саййид Сардорхон Жаҳонгир Жийлоний ҳазратларининг ва Саййид Илҳомхон Раззавий Ҳусайнийларнинг олиб борган илмий-тадқиқотлари ҳамда Қашқардаги илмий экспедициялари натижасида Шайх Абдулазиз Мажзуб Намангонийнинг бобокалони Хожа Юсуфбек Қози Намангоний сулоласига оид қадимий қўлёзма шажара нусхасини топишга муяссар бўлинди.

Мазкур қадимий қўлёзмада Хожа Юсуфбек Қози Намангонийнинг насабномаси Ҳазрати Саййид Аҳмад Маҳдуми Аъзам Косоний Даҳбедий қуддусу сирруҳунинг чевараси Саййид Ҳидоятуллоҳ Офоқ Хожа ҳазратларига бориб туташиши маълум бўлди.

Натижада, шайх Абдулазиз Мажзуб Намангоний авлодлари шажараси тўлиқ тикланди ҳамда “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” халқаро ташкилоти томонидан халқаро миқёсда тасдиқланди.

Шайх Абдулазиз Мажзуб Намангонийнинг оила аъзолари ва авлодлари тўғрисидаги маълумотларни қисман келтиришни маъқул кўрдик: Эшон Абдулазиз Мажзубдан 2 та ўғил, 1 қиз фарзанд қолган.

Фарзандлари: Абул Қосим эшон, Ботирхон эшон ва Муйрахон ойим. Ботирхон эшон Наманганда колганлар. Фарзандлари 1 ўғил, 1 қиз. Абул Қосим эшон тариқат аҳлидан бўлиб, Маккаи Мукаррамага кетиб, ўша ерда дафн этилган. Фарзандлари 3 ўғил, 2 қиз.

Ўғиллари: Атоуллахон тўра, Файзуллахон тўра ва Қодирхон тўралар. Қизлари: Фотимахон ва Робияхон ойимлар. Атоуллахон тўра уч аёлга уйланиб, 4 ўғил, 3 қиз фарзанд кўрган. Биринчи аёли Қўқонлик бўлиб, ундан 1 ўғил, Ҳамидхон тўра қолган. Иккинчи аёли Андижонлик бўлиб, ундан 2 та ўғил, Шамсиддин ва Нажмиддинхон тўралар қолган. Учинчи аёли тўғрисида маълумот йўқ. Бироқ у аёлидан 1 ўғил, 3 қиз фарзанд қолган.

Улар, Мадаминхон тўра ҳамда Обидхон, Сожидахон ва Иноятхон ойимлар. Ҳамидхон (1882-1912) тўра Чустлик Масъуд Махзумнинг қизлари Шарофат ойимга уйланган. Улардан 1 ўғил ва 1 қиз қолган. Ўғиллари Муҳаммадхон тўра (1981й. ваф.) фарзанд кўрмаган.

Қизлари Зайнабхон (тах. 1912-1935й) ойим Исмоил Махдум мулла Сатти Охунд ўғли (1908-1976)га турмушга чиққан. Уларнинг авлодлари давомчиси бўлиб, ёлғизгина қизлари Мамнунахон (1930-1986) (Маймуна) ойим қолган.

Мамнунахон ойим Муҳаммад қори Мулла Турсун ўғиллари билан турмуш қурган. Уларнинг фарзандлари 5 ўғил 3 қиз.

Ўғиллари: Аҳмад Муҳаммад Турсун (1949-2021), Абдулҳамид Муҳаммад Турсун (1951), Абдумутал (1960), Нуруллоҳ (1964), Жаҳонгир (1969).

Қизлари: Саидахон (1953), Латифахон (1955) ва Назирахон (1958).

Шайх Абдулазиз Мажзуб Намангонийнинг вафот этган йиллари тўғрисида икки хил маълумотлар мавжуд. Мажзубий аҳли илмлар «муршиди халқ» иборасини абжад ҳисоби билан ҳисоблаб, 1853 йил деб айтадилар. Бошқа бирлари Шайх Абдулазиз Мажзуб 1857-йил Қашқар сафарига чиқишидан бир кун олдин Уйчи туманидаги халифаси Мулла Йўлдош Сиримтой хонадонида бўлиб, халифасини фарзанд кўргани билан қутлаб, унга Шайх Мажзуб, Баҳодир деб исм қўйганини келтирадилар.

Эртаси куни Шайх Мажзуб Учкўрғондаги муриди Хўжа Саййид Аҳмад хонақосида бўлади. Жазба чоғида бир «ҳув» деб Аллоҳга омонатини топширади. Бундан ташқари, “Тазкираи Қайюмий” асарида ҳам шайх Абдулазиз Мажзуб 1857 йили оламдан ўтган, деб келтирилади.

Шайх Абдулазиз Мажзубнинг Қашғар сафари амалга ошмайди. Уни Дегрезликдаги хонақоҳларига дафн қиладилар. Кейинчалик, шайх Абдулазиз Мажзуб Намангонийнинг қабрлари Мавлавий қабристонига кўчирилади. Ниҳоят, 2004 йил Наманган шаҳридаги Абдулазиз Мажзубнинг оилавий хилхоналари мухлислар ташаббуси билан ул зотнинг мақбараси тикланади. Унинг ён-атрофи ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун шароитлар яратилди.

Анвар Аҳмад, исломшунос олим, "Туркистон Саййидлари ва Эшонлари" халқаро жамияти аъзоси ва вакили.

Maqolalar

ШАЙХ АБДУЛАЗИЗ ҲАСАНХЎЖА ЎҒЛИ МАЖЗУБ НАМАНГОНИЙ | Shajara