banner

Тамаддун бешиги ва маърифат қудрати: Аждодлар мероси — янги давр пойдевори

Шайх Хованди Тохур макбараси

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги зафарлари, Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳдаги теранлиги, Исо ва Ҳаким Термизийларнинг ирфоний қарашлари, Маҳмуд Замахшарийнинг тилшуносликдаги даҳоси, Муҳаммад Қаффол Шошийнинг мустаҳкам закоси... Бу рўйхатни Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрор Валий каби нафаси пок авлиёлар, Хоразмий, Фарғоний, Беруний ва Ибн Сино каби илм-фан уммонининг ғаввослари, Улуғбек ва Навоий каби юлдузлар карвонининг сарбонлари билан чексиз давом эттириш мумкин. Ушбу заковат соҳибларининг номлари нафақат Ислом олами, балки башарият тамаддуни солномасига олтин ҳарфлар билан муҳрланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир”. Дарҳақиқат, тарихий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг қаъридаги маъно дурларини саралаб, келгуси авлодларга муносиб тарзда етказиш бугунги кунда давлатимиз сиёсатининг энг олий ва устувор мақсадларидан бирига айланди.
Ислом маърифатининг порлоқ қуёши бўлган улуғ аждодларимизнинг қолдирган хазиналарини чуқур тадқиқ этиш ва дунё аҳлига тараннум қилиш бугунги ворисларнинг шарафли бурчидир. Шу боис, мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги даврда маънавий қадриятларимизни тиклаш борасидаги ислоҳотлар янги зафарлар палласига кирди.
Ўзбекистоннинг ислом оламидаги нуфузи янги босқичга кўтарилганини 2016 йилда Тошкентда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирларининг 43-сессияси яққол намоён этди. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ташаббуслари диний-маърифий соҳада туб бурилиш ясади. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши ҳамда Тошкент ислом университетида (ҳозирги Ўзбекистон халқаро ислом академияси) Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедрасининг очилиши бу йўлдаги тарихий қадамлар бўлди.
2017 йилнинг 26 августида ушбу кафедранинг очилиш маросимида ISESCO бош котиби Абдулазиз ибн Усмон Тувайжирийнинг иштирок этиши ва ўзбек заминини "илм-фан маскани" дея эътироф этиши, юртимизнинг бой маънавий салоҳиятига берилган юксак баҳодир.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фаолияти — аждодлар меросини шунчаки ўрганиш эмас, балки уларни замон билан ҳамнафас ҳолда тадқиқ этиб, дунёга янгича қиёфада тақдим этишда муҳим стратегияга айланди. Бу ислоҳотлар замирида бир эзгу ғоя мужассам: тарихдан куч олиб, келажакни нурафшон этиш.

Шайх Хованд Тоҳур: Поклик тимсоли ва маърифат сарбони

Ушбу мақола Тошкент замини етиштирган буюк мутафаккир, XIII аср илоҳиёт илмининг порлоқ юлдузи, ислом маданияти ва маънавияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган зот — Шайх Хованд Тоҳур ҳазратларининг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросига бағишланади.

Насаб ва камол сари йўл

Манбаларда қайд этилишича, илоҳиёт ва тариқат илмларининг йирик намояндаларидан бири Шайх Хованд Тоҳур XIII асрда яшаб ўтган. Унинг шажараси Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) мансуб Қурайш қабиласига бориб тақалади. Отаси Шайх Умар Боғистоний эса Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (р.а.)нинг ўн еттинчи авлоди ҳисоблангани боис, ушбу хонадон вакиллари шарафли «Хожа» унвони билан улуғланган.
Бўлажак аллома болалигиданоқ падари бузрукворидан илм сирларини ўрганади ва тафаккур уфқларини кенгайтириш иштиёқида турли ўлкаларга сафар қилади. Кейинчалик Тошкентга қайтиб, ўзининг беқиёс донишмандлиги, мулойим феъл-атвори, раҳмдиллиги ва адолатпарварлиги билан шаҳар аҳлининг чексиз меҳрини қозонади.

Тариқат одоби ва маънавий ўгитлар

Тариқат шайхи мақомига эришган аллома ўз издошларига доимо Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қуйидаги ҳикматини эслатар эди: “Ҳақиқат изловчиларнинг маънавий фазилатлари уларнинг жоҳиллар қўполлигига сабр-тоқат қилишларида намоён бўлади”.
«Хованд Тоҳур» — «ниҳоятда покиза ходим» ёки «ниҳоятда покиза ҳазрат» маъноларини англатади. У киши нафақат исми, балки руҳияти билан ҳам покизалик тимсоли эди. Шайх бой ва обрўли кишиларни етим-есирлар ҳамда бева-бечораларга ғамхўрлик кўрсатишга, уларнинг бошини силашга чақириб, жамиятда ижтимоий адолат ва меҳр-оқибат муҳитини қарор топтирди.

Илмий мерос ва фалсафий асарлар

Аллома дастлаб отаси Шайх Умар Боғистонийнинг қўлида ботиний ва зоҳирий илмларни эгаллади. Сўнг илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Аҳмад Яссавий авлодларидан бўлмиш Тенгиз Шайх ҳузурида таҳсил олди ва Бухоро мадрасаларида замоннинг забардаст олимларидан сабоқ чиқарди.
Шайх Хованд Тоҳурдан бизга қадар етиб келган нодир қўлёзмалар тасаввуф илмининг қимматли хазиналари ҳисобланади:
«Рисола дар масойили шариат ва тариқат»
«Рисолаи даҳ шарт»
«Рисола дар аркони ислом»
«Рисола дар одоби тариқат»
Бу асарларда инсонни комиллик даражасига кўтариш, руҳий покланиш ва маънавий юксалиш йўллари теран таҳлил этилган.

Боқий хотира

Ўз ҳаётини илму маърифатга бағишлаган Шайх Хованд Тоҳур 1355 йилда вафот этди. Бугун аллома қўним топган сўнгги манзил Шайхонтоҳур зиёратгоҳи сифатида қадрланади. Унинг машҳур набираси — Темурийлар даврининг забардаст давлат ва дин арбоби Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор бобосига атаб муҳташам мақбара ва Чорсу майдонида жомеъ масжидини бунёд эттирган. Шайх Хованд Тоҳурнинг авлодлари бугун ҳам Тошкентда яшаб, ушбу муаззам меросни эъзозлаб келмоқдалар.

Шайх Умар Валий Богистоний

Шайх Умар Валий Боғистоний: Чорвоқ бағридаги маърифат маскани

Тарихий солномаларда баён этилишича, Шайх Хованд Тоҳурнинг падари бузруквори — Шайх Умар Валий Боғистоний ўзининг йигирма нафар маслакдоши билан узоқ давом этган сафарлардан сўнг, бугунги кунда эл орасида «Эски Чорбоғ» ёки «Чорвоқ» деб юритиладиган гўзал гўшани ватан тутади. Мана шу сўлим Боғистон қишлоғида Шайх Хованд Тоҳур дунё юзини кўрди. Бугунги кунда бу ерларда муаззам Чорвоқ сув омбори мавжланиб турган бўлса-да, унинг қирғоқларидаги табаррук қадамжолар ҳануз ўз тароватини йўқотмай, зиёратгоҳ сифатида қадрланиб келинмоқда.

Сўфиёна ҳаёт ва илоҳий илтижо

Шайх Умар ёшлигиданоқ Дарвеш Ҳасан Булғорийнинг тарбиясини олиб, тасаввуф илмининг юксак мақомларига эришган эди. Ривоят қилинишича, Умар Валий тўқсон ёшнинг заҳматига қарамай, Ҳазрат Шайх Зайниддин мозорини зиёрат қилиш мақсадида Боғистондан Тошкент сари 150 километрлик масофани пиёда босиб ўтади.
Ўша даврларда бундай олис ва машаққатли сафарлар ниҳоятда хавфли эди. Чингизхон вафотидан сўнг мўғуллар салтанати парчаланиб, тахт талашлари ва ўзаро низолар авж олган, бир пайтлар гуллаб-яшнаган шаҳарлар харобазорга айланган замонлар эди. Шунга қарамай, иродаси мустаҳкам шайх Кўйи Орифон маҳалласига етиб келади ва Ҳазрат Зайниддин мақбараси қошида Яратганга ниёз қилиб, ўзига солиҳ фарзанд ато этишини сўрайди.

Мустажоб бўлган дуо

Парвардигор замоннинг улуғ олими ва валийсининг самимий илтижоларини ижобат айлади. Орадан бир йил ўтиб, Шайх Умар хонадонида ўғил фарзанд туғилади. Унга Хованд Тоҳур деб исм қўядилар. Бу гўдак кейинчалик нафақат Тошкент, балки бутун Мовароуннаҳрнинг маънавий раҳнамосига айланиши пешонасига ёзилган эди.

Боқий мерос ва сирли қайроқтош

Шайх Умар Валий 1291 йилда фоний дунё билан хайрлашди. Унинг мақбараси бугун ҳам Чорвоқ бағридаги сўлим боғ ўртасида қад ростлаб турибди. Нақл қилинишича, ушбу боғдаги азим дарахтларнинг аксариятини шайх ҳазратлари ўз қўллари билан эккан.
Мақбара яқинида сақланиб қолган, нафис арабий нақшлар билан безатилган қадимий қайроқтош алоҳида эътиборга молик. Ундаги 1189 йил санаси бу масканнинг нақадар қадимий ва муқаддас эканидан далолат беради. Шайх Умар Валий сиймоси — поклик ва сабр-тоқатнинг тирик тимсоли сифатида авлодлар хотирасида мангу яшайди.

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари" халқаро

ташкилотининг минтақавий вакили

Саид Камрон Жилоний Ал-Ҳасаний ‎

Maqolalar

Тамаддун бешиги ва маърифат қудрати: Аждодлар мероси — янги давр пойдевори | Shajara